Кингстон университети профессори Уилл Брукер бир йил муддатга таниқли рок ижрочиси Дэвид Боуи қиёфасига киришга қарор қилди. Бу ҳақда The Huffington Post нашри ёзмоқда.

Брукер артист образига тўлалигича кирмоқчи. У нафақат кийиниш ва соч турмагини ўзгартиради, балки қўшиқчи ўқийдиган китобларни ўқийди, у кўрган фильмларни кўради. Бундан ташқари, олим Боуи еган овқатлар билан озиқланмоқчи, жумладан, артист 1974 йили тутган қалампир ва сутдан иборат парҳезни синаб кўрмоқчи. Қўшиқчининг ҳаёт учун хавфли хатти-ҳаракатлари бундан мустасно.

Боуи қиёфасидаги бир қанча суратларини Брукер Twitter’да эълон қилди. 45 ёшли олимнинг айтишича, бу унга машҳур артистни яхшироқ тушунишга ёрдам беради.