Ҳиндистонда 10 ёшли қозоғистонлик қизга 12 ёшли боланинг юраги кўчириб ўтказилди.
The Times of India нашрининг ёзишича, Адиз исмли бола автоҳалокатга учраб, ҳаётдан кўз юмган.

Қозоғистонлик Дилназ Исан эса тўрт ойдан буён Ченнаидаги шифохонада донор юрагини кутиб даволанаётган бўлган. Шифокорлар қизалоққа “кардиомиопатия” (юрак жуда кучсиз бўлиб, ҳар дақиқада тўхтаб қолиши мукин) ташхисини қўйишган.

Отаси билан автоҳалокатга учраб, оғир жароҳат олган 12 ёшли Адизга “Фортик” касалхонаси шифокорлари ёрдам бера олишмади. Шундан сўнг, Адизнинг онаси фарзандининг соғлом органларини донорликка беришга розилик билдирган.

Янги донор аъзоси тўғрисида бошқа штатлар шифохоналарига маълум қилинган. Адизнинг юраги учун талабгорлар чиқмаганидан сўнг у Дилназга кўчириб ўтказилган.

Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланган, қизнинг аҳволи меъёрида экани хабар қилинган.