БРИКСга аъзо давлатлар учун барчаси тугади, деб ёзмоқда The Independent нашри. Экспертларнинг фикрича, давлатлар раҳбариятининг хавфсиз ва ҳаётчан иқтисодий сиёсатни олиб бора олмаслиги ҳамда ишлаб чиқаришни рақобатбардош даражага олиб чиқа олмаслиги уларнинг пастлашини кўрсатади.   

Хусусан, хабарда Хитой ҳукуматининг юанни девалвация қилиш бўйича ҳаракатлари, санкцияларнинг Россия иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши таъкидлаб ўтилди. Бразилияда юз минглаб одамлар иштирок этаётган ҳукуматга қарши намойишлар барҳам топмаяпти, Жанубий Африка Республикасида эса коррупция мисли кўрилмаган даражада авж олган.

Нашрнинг ёзишича, фақатгина Ҳиндистон айни пайтда қандайдир бўлса ҳам ривожланишни намоён қилмоқда.

Аввалроқ Шанхайда БРИКС тарққиёт банки ўз ишини бошлагани маълум қилинган эди. Банкнинг асосий вазифаси БРИКСга аъзо давлатлар ва ривожланаётган давлатлардаги турли инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштиришдан иборат. БРИКС давлатларининг банкка киритган улуши 2 млрд долларни, умумий сумма 10 млрд долларни ташкил қилади.