Шимолий кореялик ҳарбийлар Жанубий Корея ҳудудидаги радиокарнайларни ўққа тутди. Бу ҳақда KBS телеканалининг твиттери орқали хабар тарқатилган.

"Ренхап" агентлигининг ёзишича, расмий Сеул бу ҳодиса зарарларини ҳисоблаб чиққан.

Бироз олдинроқ, Шимолий Корея томони чегара ҳудудида жанубликларнинг ташвиқотларида фойдаланилаётган радиокарнайларини йўқ қилмоқчилиги ҳақида огоҳлантирганди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафтада чегарада Жанубий Корея аскари жароҳатланганидан кейин жанубликлар 11 йилдан бери илк марта радиокарнайлар орқали Пхеньян сиёсатини танқид қилувчи чиқишлар уюштирганди.

КХДР ҳукуматининг билдиришича, бундай трансляцияларнинг жорий қилиниши уруш очиш билан тенг ҳисобланади.