Танганинг эркин курси қозоғистонлик бизнесменлар талабига кўра жорий қилинган эди, шу йўл билан улар ўз рақобатбардошлигини оширмоқчи бўлишган эди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев баёнот берди.

Қозоғистон бош вазири Карим Масимов мамлакатда янги пул-кредит сиёсати амалга оширилишини эълон қилиб, бунинг асосида танга курсининг эркин шаклланишини белгилаб берди ва валюта коридорини бекор қилди. Бу баёнотдан сўнг Қозоғистон фонд биржасида танганинг долларга курси кескин тушиб кетиб, 255-259 тангагача борди.

“Ҳукумат ва миллий банк томонидан қабул қилинган қарор экспортчилар, тадбиркорлар миллий палатаси, кичик ва ўрта бизнес талабига кўра амалга оширилган эди. Рақобатбардошликни ошириш йўли билан биз корхоналардаги иш ўринларини сақлаб қолишимиз мумкин”, – деди Назарбоев бизнес вакиллари билан учрашуви чоғида.

“Истиқболда биз вазиятнинг яхшиланишини кутмоқдамиз, бу инқироздан ўтиш ва иқтисодий ўсишни таъминлайди, ўз навбатида, мамлакат иқтисодиёти рецессиядан сақланади”, – қўшимча қилди у.