“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Сингапурнинг Changi аэропорти маъмурияти билан ҳамкорликда сингапурликларни Ўзбекистон тарихи билан бугуни билан таништиришга қаратилган йирик маркетинг кампаниясини ташкил этди.

Ўзбекистонга Сингапурдан келадиган туристлар сонини кўпайтириш мақсадида Changi аэропорти терминалларида махсус экспозиция ташкил этилиб, унда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Хоразм тарихий-меъморий ёдгорликларининг макетлари ва фотосуратлари, шунингдек, анъанавий либослар ва амалий санъат намуналари жойлаштирилди. Ҳар учала терминалда, шунингдек, Ўзбекистон ҳақидаги батафсил маълумот берилган 15та кўргазма композицияси ўрнатилди. Аэропорт йўловчилари ушбу материаллар орқали Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти билан танишиш имкониятига эга бўлди.

Ўтган йилнинг апрелида тўғридан-тўғри рейслар очилганидан буён “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Changi аэропорти компаниялари гуруҳи билан ҳамкорликда Сингапурда бир қатор реклама акцияларини ўтказди. Ушбу акциялар доирасида реклама стендлари Сингапур метрополитени бекатларида жойлаштирилди, маҳаллий матбуотда Ўзбекистон ҳақида материаллар чоп этилди, туристик агентликлар иштирокида кўргазма ва учрашувлар ўтказилди.