Қирғизистонда тенге курси миллий валюта – сомга нисбатан кескин қадрсизланди. 20 август эрталаб 1 сом 3 тенгега баҳоланган бўлса, кун ярмида унинг нархи 5 тенгега тенг бўлди. Бишкекнинг кўплаб айирбошлаш шохобчалари Қозоғистон валютасини сотиб олмай қўйди.

Ўз навбатида, доллар курси кўтарила бошлади. Эрталаб 1 доллар 61-62 сомни ташкил қилган бўлса, кун ўртасида 64-65 сомга етди.

“Валюта курсларининг бунақа ўйнаши Хитой юань курсини эркинлаштирганидан сўнг бошланди. Юанни ҳеч ким олмаяпти. Бугун Қозоғистон ҳам шу ишни такрорлади. Энди тенгени ҳам ҳеч ким сотиб олмаяпти. Валюта курси ҳар ярим соатда ўзгариб турибди, улгурмай қоляпмиз”, – деди айирбошлаш шохобчаларидан бирининг ходими Чинира Ақматова.

Қирғизистон миллий банки мутасаддиларининг айтишича, Қирғизистон валюта бозоридаги вазият Қозоғистондаги воқеаларнинг таъсиридир. Миллий банк валюта курсига таъсир ўтказиш ҳуқуқига эга эмас. 1992 йилдан буён сом эркин “сузишга” қўйиб юборилган бўлиб, бозор билан тартибга солинади.