Тошкент ишбилармонлар фаоллиги бўйича Ўзбекистонда биринчи ўринда туради. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимияти иқтисодий бошқармаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш сектори бошлиғи Светлана Далухова баёнот берди.

19 август куни Савдо-саноат палатасида ўтказилган “Тадбиркорлар манфаатлари суғурта ҳимояси остида” мавзуидаги матбуот анжумани чоғида у пойтахтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, янги кичик бизнес субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёни бир қадар осонлаштирилди. Солиқ ҳисоботларининг миқдори ва муддатлари қисқартирилди.

“Ўзбекистон молия вазирлиги томонидан ҳар йили эълон қилиб бориладиган рейтингда мамлакатнинг барча шаҳарлари ичида Тошкент ишбилармонлар фаоллиги жиҳатидан энг юқори ўринда турибди”, – унинг сўзларини келтиради “Жаҳон” ахборот агентлиги.