Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзодлар Дональд Трамп ва Жеб Буш чоршанба, 19 август куни Нью-Гэмпшир штатида параллел равишда сайловчилар билан учрашув ўтказишди, деб ёзади The New York Times.

Нашрнинг қайд этишича, Республикачилар партиясидан илгари сурилган бошқа номзодлар ўртасида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаб турган рақибларнинг мазкур учрашувлари ўртадаги тафовутни яққол кўрсатиб берди.

Дерри шаҳрида миллиардер Дональд Трамп билан учрашувга 2,5 минг атрофида сайловчи ташриф буюрди. Худди шу пайтда Мерримакда Жеб Бушни 150 киши қўллаб турди.
“Биласизми ҳозир Буш олдига келганлар нима қилишяпти? Уларнинг барчаси ухлашмоқда”, – дея изоҳ берди Трамп. Буш эса Трампни “кам қувватли одам” деб атаб, ишни охиригача олиб боришга кучи етмаслигига ишора қилган.

Бундан аввалроқ республикачи Трамп президентлик пойгасида Ҳиллари Клинтондан ўзиб кетаётгани хабар қилинган эди. Июль ойида Трамп Республикачилар партиядан илгари сурилган барча номзодлардан ўзиб кетган эди. Айни пайтда у асосий рақибаси — демократ-номзод Ҳиллари Клинтондан 6 баллга ортда қолмоқда. Бир ой муқаддам эса Клинтон 16 баллга ўзиб кетган эди.