Хоразмлик Анвар Раҳимов маст ҳолда маҳалладошини ўлдириб қўйди. “Ҳуқуқ” газетасида ёзилишича, қотиллик мотиви сифатида у қўшнисининг “ғурурига текканини” кўрсатган.

Қариндошининг тўйида Раҳимов маҳалладоши Даврон Ражабов билан суҳбатлашиб қолган. Гап орасида Даврон унинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб ўлган акасини эслаган. Бу эса кайфи таранг Раҳимовга ёқмаган.

У тўйхонада ўтирган онаси ва синглисини кузатиб юбориб, ўзи Ражабов билан уйга қайтишини айтган. Ярим йўлда таксидан тушиб қолиб, овлоқ жойга борганда қўшнисига ташланган ва қўлидаги шишани синдириб, унинг ўткир учи билан бир неча бор Ражабовнинг бўйнига зарба берган. Маҳалладоши жон таслим қилгач, Раҳимов унинг эгнидаги чарм курткасини ечиб олган ва уяли телефонини ўғирлаган.

Суд ҳукми билан қотил 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди.