Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб фаолиятини бошлаган тез тайёр бўлувчи таомлар (“фастфуд”) ресторани — “Drujba burger” Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида ҳам ўз нуқтасини очишга тайёргарлик кўрмоқда. Хориждаги илк овқатланиш шохобчаси 1 сентябрь куни хўрандаларга хизмат кўрсатишни бошлаши кутилмоқда.

“Drujba burger” овқатланиш шохобчалари тармоғига илк маротаба 2000 йилда хусусий тадбиркор Нодир Шодиметов томонидан асос солинган бўлиб, айни пайтда Тошкент шаҳрида 5та хизмат кўрсатиш нуқтаси фаолият кўрсатмоқда. Яқин орада яна иккита шохобчанинг иш бошлаши кутилмоқда.

2009 йилда Нодир Шодиметов автоҳалокатга учраганидан сўнг унинг ишини турмуш ўртоғи давом эттирмоқда. Юртимизда тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланаётган тадбиркор “Drujba burger” брендини нафақат юртимиз, балки бутун дунёга ёйиш борасида иш олиб бормоқда. Дастлабки қадам сифатида Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида (Shi Yuexiu Qu Huale Lu 57 Hao Shouceng Zibian 102 Hao Fang) шохобча фаолияти йўлга қўйилди. Кейинчалик яна бир нечта “Drujba burger” ресторанларини очиш режалаштирилган.

Дунёнинг етакчи “фаст-фуд” ресторанлари фаолият кўрсатаётган мамлакатда хўрандалар ишончи ва ҳурматини қозониш учун Нодир Маҳмудов бошчилигидаги ўзбекистонлик бир гуруҳ тажрибали ошпазлар бор имкониятини ишга солишга қарор қилган. Хитойлик хўрандалар талаб ва истаклари асосида сифатли хизмат кўрсатиш, мазали “Drujba burger” маҳсулотларини тайёрлаш режалаштирилган.