Эстония президенти Томас Ильвес Россияда айғоқчиликда айбланиб судланган полициячи Эстон Кохверни қаҳрамон деб атади. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.

“Одам эрталаб уйдан чиқиб кетса-ю, 24 соатдан кейин Москванинг Лефортовосида бўлса, лекин шуда ҳам руҳиятини баланд тутиб, ҳазиллашишга куч топа олса, демак, бу кишининг руҳий пойдевори мустаҳкам”, – деди Ильвес.
Кеча Псков суди эстониялик полициячини айғоқчиликда айблаб 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Эстония томони, ўз навбатида, Кохвернинг ўз давлати ҳудудида, Псков чегарасига яқин жойда ўғирлаб кетилганини маълум қилмоқда.

Кохверга ҳукм Эстония давлат байрамидан бир кун олдин ўқилгани, Ильвеснинг фикрича, тасодиф эмас.
“У ишини яхши бажаргани учун қамоққа тушди. Чунки Эстониянинг ишлари жойида. Айрим одамлар ва мамлакатларнинг фикрича, ҳатот жуда яхши кетмоқда”, – таъкидлади президент.