Интернетда янги авлоддаги Kia Sportage кроссоверининг илк расмий суратлари пайдо бўлди. Автомобиль сентябрь ўртасида Франкфурт автосалонида намойиш этилади. Суратлар The Korean Car Blog нашри томонидан чоп этилди.

Бундан аввал Kia компанияси автомобилнинг расмий дизайн-скетчларини чоп этган эди. Кейинроқ интернетда кроссовер ҳеч қандай ниқобларсиз асл ҳолича суратга олинган фотосуратлар ва видеоролик пайдо бўлди.

Бундан ташқари интернетда йўлтанламаснинг интерьери суратлари ҳам пайдо бўлди. Бу суратларга кўра, моделнинг салони тўлиқ ўзгаришини кўриш мумкин: машина янги марказий консоль, асбоблар панели ва рул чамбараги билан жиҳозланган. Қўшимча равишда кроссоверда қўл тормози дастаги ўрнига элктрон қўл тормози тугмаси қўлланган.

Kia Sportage автомобили охирги авлоддаги Hyundai Tucson автомобили негизида қурилади. Тахмин қилинишича, кроссовер бу моделдан қуввати 115 от кучидан 184 от кучигачани ташкил қиладиган бензинли ва дизелли двигателларни олади.