Жанубий Кореяда истиқомат қилувчи 23 ёшли йигит ярим оролда вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан ҳарбий сафарбарлик эълон қилиниши ҳақида ҳазил хабарлар юборганликда гумон қилиниб қўлга олинди. Бу ҳақда Ёнхап агентлиги хабар бермоқда.

Айтилишича, Ким фамилияли шахс 4 нафар собиқ сафдошларига SMS-хабар юбориб, КХДР уруш бошлаганини айтган. Сўнг миллий мудофаа вазирлиги номидан 21-33 ёшли захира аскарлари уруш эълон қилинган тақдирда дарҳол чақирув пунктларига етиб келиши зарурлигини ёзган. Ким дўстлари билан ҳазиллашмоқчи бўлган.

Сеул расмийлари шимолий қўшни артиллериядан биринчи бўлиб ўт очганлигини айтмоқда. Бунга жавобан Корея Республикаси бир неча ўн ракета учирган. Ҳар икки давлатда қўшинлар тайёргарлик ҳолатига келтирилган.

20 август куни Шимолий Корея халқ армияси бош штаби Жанубий Кореяга ультиматум қўйиб, психологик кураш воситалари 48 соат ичида олиб ташланишини талаб қилган эди. Ультиматум муддати 22 август куни маҳаллий вақт билан соат 17:00да тугайди.