Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ноқонуний киракашлик билан шуғулланаётган ҳайдовчиларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш учун махсус рейдлар уюштирилади.

Uzbekistan Today нашрининг Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари маъмуриятларига таяниб маълумот беришича, рейдлар бу ҳолатларнинг олдини олишга камлик қилиши мумкин. Айни пайтда ноқонуний одам ташишга қарши энг яхши чора автопарклардаги автотранспорт воситалари сонини кўпайтиришдир.

“Очиғини айтсак, Тошкентда бундай киракашлар жуда кўп. Уларга қарши курашиш учун қўшма ишчи гуруҳлар тузилган, айнан улар назорат рейдларини уюштиради”, – маълум қилди нашрга Тошкент шаҳар ҳокимияти вакили.

Таъкидланишича, вилоятларда бу борадаги ишлар пойтахтдагидан яхшироқ кетмоқда.
“Самарқандда ноқонуний киракашлар кам қолди. Таксопарк ҳайдовчиларининг ўзлари қонунбузарликлар ҳақида хабар беришади. Улар такси сонига квота киритилишидан манфаатдор. Ҳозир шаҳарда ишлай оладиган киракашларнинг максимал миқдори 1.5 минг кишидир”, – маълум қилди Самарқанд маъмурияти вакили.