Украина президенти Пётр Порошенко руслар ва украинлар бир халқ эмаслиги ҳақида қатъий баёнот берди. Украина президенти Россия президенти Владимир Путиннинг икки давлатнинг яқинлиги ҳақидаги айтган гапларига шундай изоҳ берди. 

“Уруш пайтида бизда ҳеч қандай қардош халқлар йўқ. Европага интилаётган ягона украин халқи ва чуқур инқирозда бўлган рус халқи бор”, деб айтди Порошенко Украина жамоат арбоблари билан учрашув пайтида.

Порошенконинг айтишича, Украина Россиядан кучли маҳаллий ўз-ўзини бошқариш борлиги билан ажралиб туради.

“Ўз-ўзини бошқариш бизни Россиядан ажратиб турувчи цивилизацион фарқларимиздан бири бўлган ва бўлади ҳамда бизни Европага яқинлаштиради,”, деб таъкидлаб ўтди Порошенко.

17 августда Россия президенти Владимир Путин Қримга ташрифи чоғида Украина ташқи бошқарув остидалигини ва бу ҳолат Украина халқи учун камситувчи ҳолат эканини айтган эди.

Шу билан бирга Путин рус ва украинларни битта халқ экани ва “Украина келгусида ўз келажагини Россия билан бирга қуришига” умид билдиришини айтган. Бундан ташқари, Путин Россия ҳудудида 3 млн га яқин украиналик  яшаши, улардан кўпчилигини ҳарбий хизматга чақирув ёшидагилар ташкил этишини айтган.