Самарқандда бу йил ўнинчи бор ташкил этилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида дунёнинг 66 мамлакатидан 370 дан ортиқ вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.

Улар орасида Бутан, Португалия, Комор ороллари, Коста-Рика, Маврикия, Мавритания, Перу, Словения, Эквадор давлатлари санъаткорлари илк бор мазкур санъат анжумани қатнашчилари бўлади. Фестивал иштирокчилари ва меҳмонлар учун “Orient star Kuksaroy”, “Registon Plaza”, “Regal palace” меҳмонхоналарида жойлар ҳозирланди.

Фестиваль доирасида “Registon Plaza” меҳмонхонасида ўтказиладиган “Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” мавзусидаги илмий-назарий конференцияни юқори савияда ташкил этиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган. Анжуман давомида хорижлик ва маҳаллий санъатшунос олимлар томонидан бир қатор тақдимотлар, ёшлар учун маҳорат машғулотлари ўтказиш режалаштирилган.

Фестиваль кунлари Самарқанд ҳунармандлар маркази ва Тиллакори мадрасасида халқ амалий санъати асарлари ва ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари, “Чорсу” галереясида самарқандлик рассомларнинг асарлари намойиши ўтказилади.

Бу йилги фестивални 200дан ортиқ хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиши кутилмоқда, деб хабар беради Жаҳон АА.
Улар учун ташкил этилган марказ замонавий ахборот технологиялари билан таъминланди. Интернет алоқаси, “Wi-Fi” тизими йўлга қўйилди. Фестивал тарихи ҳақида видеороликлар, фотолавҳалар, маълумотлар базаси яратилган. Оммавий ахборот воситалари ходимларига қулайлик яратиш мақсадида Регистон майдонида, “Orient star Kuksaroy” меҳмонхонасида интервью олиш жойлари ташкил этилди.