Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 19та сайёҳлик фирмаси лицензияси сайёҳлик қонунчилиги бандлари бажарилмагани сабабли 10 иш кунига тўхтатиб қўйилгани ҳақида хабар қилинганди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси сайтида айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Сайёҳлик фаолиятини лицензиялаш Комиссияси 2015 йил 18 августдаги йиғилиши баённомасига биноан сайёҳлик йиғимларини ўз муддати ва ўз миқдорида тўламаган 19та сайёҳлик фирмасининг лицензияси 10 иш кунига тўхтатиб қўйилган.

“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига биноан лицензияси вақтинчалик тўхтатилган фирмалар рўйхати сайтда эълон қилинган.

Бу рўйхатда Тошкент шаҳар цирки ҳам мавжуд бўлиб, “O'ZBEK DAVLAT SIRKI” МЧЖ солиқларни ўз вақтида тўламагани учун жазоланган.

"Цирк артистлари бу кунлар мобайнида ишламайди. Лекин москвалик артистларнинг чиқишлари давом этади. Улар билан шартномани 13 сентябргача узайтирмоқчимиз", деб маълум қилган цирк вакили.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Москванинг "Сув устидаги цирк"и гастроль сафари билан Тошкентда бўлиб турибди. Уларнинг дастурлари 30 август кунигача намойиш этиши кўзда тутилганди.