Тошкент шаҳри яшаш учун энг мақбул шаҳарлар рейтингига киритилди. Дунёнинг 140 та шаҳаридан ташкил топган ушбу рейтингни Economist Intelligence Unit тадқиқот компанияси тузди.

У ёки бу шаҳарда ҳаёт учун қулайликларни аниқлаш учун қуйидаги омиллар бўйича баҳо берилди: соғлиқни сақлаш тизими, барқарорлик, экология, маданият, таълим тизими ва инфратузилма.

Ўзбекистон пойтахти 54,6 балл йиққан ҳолда ушбу рейтингда 116-ўринга лойиқ деб топилди. Хусусан, Тошкент барқарорлик бўйича 50 балл, соғлиқни сақлаш тизими – 58,3 балл, экология ва маданият – 53 балл, таълим тизими – 75 балл ва  инфратузилма бўйича 48,2 балл тўплади.

Мельбурн (Австралия), Вена (Австрия пойтахти) ва Ванкувер (Канада) дунёда яшаш учун энг мақбул шаҳарлар деб топилди. Триполи (Ливия пойтахти), Лагос (Нигерия), Морсби (Папуа-Янги Гвинея пойтахти), Дакка (Бангладеш пойтахти) ва Дамашқ (Сурия пойтахти) эса, аксинча, яшаш учун энг номақбул шаҳарлар деб топилди.