21 август куни Япониянинг жануби-ғарбидаги Кагосима (Кюсю ороли) префектурасида жойлашган Сакурадзима вулқонидан 400 метр баландликка тенг кул устуни отилиб чиқди. Бу ҳақда Япония Метеорология бошқармаси хабар қилди.

Ҳозирча метеорологлар беш балли шкала бўйича “тўртинчи” босқичда бўлган вулқон отилишининг хавф даражасини кўтаришмади. Кул отилишининг ҳаво қатновига таъсири ҳақида ҳам аниқ хабар берилмаган.

Сўнгги ҳафта ичида Сакурадзима атрофида 1 мингдан ортиқ вулқонли зилзилалар қайд этилди. 19 август куни кичик отилиш юз берди. Япониялик мутахассислар вулқон гази отилишларининг кескин қисқарганини қайд этмоқда. Бу ҳолат кратер деярли бутунлай тўсилиб қолгани ва унинг ичида боис ўсаётганидан далолат беради. Шу тариқа, кучли отилиш хавфи ортмоқда.

Сакурадзима яқинидаги аҳоли пунктларининг фуқаролари учун махсус бошпаналар тайёрланди, жами бўлиб бу ҳудудда қарийб 4,3 минг одам яшайди.

Маълумот учун, Сакурадзима вулқони Япониядаги фаол вулқонлардан бири ҳисобланади. Бу вулқон ҳар йили бир марта ўзини эслатиб туради. Вулқоннинг энг кучли ҳаракати 1914 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда 35 киши вулқон қурбонига айланганди.