“Формула-1” автопойгасида иштирок этувчи “Макларен” жамоаси пойгачилари Фернандо Алонсо ва Женсон Баттон Бельгия Гран-приси стартидаги мусобақа жадвалида умумий ҳисобда 55 позиция йўқотиш билан жазоланишди. Бу ҳақда автопойганинг расмий сайтида маълум қилинди

“Макларен” вакиллари 30та позицияга жаримага тортилган Алонсо ва 25та позицияга жазоланган Баттон пойгаларни старт майдонининг сўнгги чизиғидан бошлашларига келишиб олишди.

Пойгачилар болидларидаги куч қурилмалари ва бошқа бутловчи қисмларни ўзгартирганлари учун жазоланди. Қоидаларга кўра, бир мавсумда жаримага тортилмасдан двигатель ва бошқа деталларни 5 мартадан кўп бўлмаган маротаба алмаштириш мумкин, Алонсо ва Баттон учун эса янги ўрнатилган двигателлар еттинчиси бўлди. Бундан ташқари, пойгачилар болидларига янги турбокомпрессорлар ўрнатилди, Алонсо болидида эса электрон бошқарув блоки ҳам ўзгартирилди.

Қоидага кўра, агар пойгачи катта жаримага тортилган бўлса ва у старт жадвалидаги позицияларининг йўқотишлари ҳисобига уни тўлиқ қоплай олмаса, унда унга пойга давомида санкциялар қўлланиши мумкин.

“Формула-1”нинг жорий мавсумида 20 нафар пойгачи иштирок этмоқда. Жорий мавсумда Алонсо шахсий ҳисобда 11 очко жамғарган ҳолда пойга жадвалида 14-ўринни, Баттон эса 6 очко билан 17-ўринни эгалламоқда. Бельгия Гран-приси 23 августда бўлиб ўтади.