Ҳафтанинг энг муҳим ўйинлари анонси

Спорт 22 Август 2015 3381

Навбатдаги уикендда ҳам футбол мухлислари Европа майдонлари ҳавосидан баҳра олишда давом этишади. Бугун Европада "кучли бешлик"нинг яна бири, Италия А серияси ҳам старт олади. Италияда "зебрасимон" либослари билан машҳур "Ювентус" ва "Удинезе" ўзаро ўйнаса, Англияда гегемонликка даъво қилаётган "Манчестер Сити" ўзи учун ноқулай рақиб "Эвертон" билан ҳисоб-китоб қилади. Англияда нафақат турнинг, балки биринчи давранинг энг шиддатли учрашуви бўлиши кутилаётган "Арсенал" ва "Ливерпуль" баҳси ҳам шу ҳафтага белгиланган. Шунингдек, мухлислар Испанияда "Атлетик" ва "Барселона"нинг навбатдаги қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишлари мумкин. Италиядаги яна бир муҳим баҳсда янги мавсум олдидан сезиларли равишда кучайган "Милан" "Фиорентина"га сафар қилади.

"Ювентус" -"Удинезе"
23 август, соат 21:00 НТВ+ Футбол 3

"Зебралар дербиси" мақомидаги ушбу учрашувда айни дамда ҳаддан ташқари кучи кўринаётган "Ювентус" Ди Натале сардорлигидаги "Удинезе"ни қабул қилади. Туринликлар ёзги трансферлар пайтида истаган футболчисини сотиб олмоқда. Шу вақтгача, жамоага Дибала, Манжукич, Хедира, Заза, Нето, Ругани, Алекс Сандро каби футболчилар келиб қўшилишган. "Удинезе" эса деярли жиддий харидлар амалга оширмади. Жамоа ўтган мавсум сўнгида кетма-кет 4та мағлубият қайд этганди.

"Фиорентина" - "Милан"
23 август, соат 23:45 НТВ+ Футбол 1

Ўтган мавсумда жуда қониқарсиз натижа қайд этган "Милан" биринчи навбатда бош мураббийни алмаштирди. Филиппо Инзаги ўрнига "Сампдория"дан Синиша Михайлович олиб келинди. Жамоа таркиби ёзги трансферлар вақтида Бакка, Матри, Луис Адриано каби футболчилар билан бойитилди. Биринчи турда Менез, Ньянг ва Мексес каби футболчилар жароҳат туфайли иштирок эта олишмайди. "Фиорентина" эса бош мураббий Монтеллага ишонч билдиришда давом этади. Жамоа ўтган мавсумлардаги асосий етакчилари Хоакин, Паскуаль, Борха Валеро, Иличич ва Росси кабиларни ўз таркибида сақлаб қолган.

"Атлетик" - "Барселона"
23 август, соат 21:30 НТВ+ Футбол 2

"Атлетик" ва "Барселона" жамоалари ўртасида августнинг иккинчи ярмидаги учинчи тўқнашув эртага, "Сан Мамес" ўйингоҳида бўлиб ўтади. Охирги 2 учрашув натижасига кўра басклар 5:1 ҳисобидаги устунликка эга бўлишган. "Атлетик Билбао"да 34 ёшли Ариц Адурис ўзининг иккинчи ёшлигини ўтказаётганини ҳисобга олган ҳолда "Барселона"га учинчи ўйин ҳам осон бўлмаслигини тахмин қилиш мумкин. Қолаверса, жамоанинг ҳимоя чизиғи бутунлай кучсизланган. Альба ва Дуглас жароҳат туфайли, Пике ва Матье дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. Неймар ҳам ҳужумдаги шерикларига жароҳат туфайли ёрдам бера олмаслиги ойдинлашган. Унинг ўрнини билинтирмаслиги мумкин бўлган Педро эса 2 кун олдин "Челси"га сотиб юборилди.

"Эвертон" - "Манчестер Сити"
23 август, соат 20:00 НТВ+ Футбол 1

"Гудисон Парк" ўйингоҳи якшанба куни Англиянинг энг кучли клубларидан бирини қарши олади. Рақиблар ҳали Де Брюйнени ўз сафига қўшиб олмади, "Валенсия"дан трансфер қилинган Отаменди ҳам бу ўйинда иштирок этмайди, лекин мезбонларни ўта қийин ўйин кутиб турибди. "Эвертон" илк турда "Уотфорд" билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди, иккинчи турда эса "Саутгемптон"ни сафарда 3:0 ҳисобида мағлуб қилди. "Манчестер Сити" эса 2 турда ҳам "Вест Бромвич" ва "Челси" жамоалар дарвозасига 3тадан жавобсиз тўп йўллади. "Шаҳарликлар" таркибида Яя Туре ўзининг спорт формасини тиклаб олган, Агуэро ва Сильва эса ўзининг одатдаги юқори даражали ҳолатида. Ҳимоячи сардор Компани ҳар учрашувда гол урмоқда, жамоанинг кучсиз чизиғи йўқ.

"Арсенал" - "Ливерпуль"
24 август, соат 23:55 НТВ+ Футбол 1

Бу жамоаларнинг охирги учрашувида "Арсенал" "Ливерпуль"ни "Эмирейтес"да "гўштқиймалагичдан ўтказганди". Ўша учрашувда 4:1 ҳисоби қайд этилиб, "Ливерпуль" амалда кучли тўртликка киришдан маҳрум бўлганди. Янги мавсумда "Ливерпуль" ҳимоявий футбол кўрсатмоқда - жамоани Стивен Жеррард ва Раҳим Стерлинг тарк этишган. Бу усул "Сток Сити" ва "Борнмут"га қарши ўйинларда ўзини оқлади - ҳар икки учрашувда Коутиньо ва Бентеке томонидан урилган биттадан гол 3тадан очко олиб келди. Жамоа ёзги трансферлар вақтида энг кўп пул сарфлаган жамоа бўлиб турибди, Бентеке, Фирминьо, Клайн, Гомес, Милнер каби футболчилар таркибга қўшиб олинди.

"Арсенал" эса қайсар мураббий Арсен Венгернинг ўзига хос услубида ўйнашда давом этмоқда. Жамоа ўтган икки учрашувнинг бирида "Вест Хэм"га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, иккинчисида "Кристал Пелас"ни қийинчилик билан енгган - 2:1.

"Арсенал" ёзги трансферлар вақтида жиддий трансферга қўл урмади. "Челси"дан 11 млн фунт эвазига трансфер қилинган дарвозабон Питер Чех эса таркибни кучайтира олмади. Уэлбек, Росицки ва Жэк Уилшер каби футболчилар жароҳат туфайли мавсум стартини ўтказиб юбормоқда.

Ўйин натижалари ва голларнинг видосини Instagram'даги @tribuna.uz саҳифамиз орқали кузатиб боринг!

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 14585 Жаҳон
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 68274 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 37136 Lifestyle
"Реал" Испания Суперкубоги соҳиби!
04:08 1022 Спорт
Қирғизистонлик собиқ депутат Омурбек Текебаевга 8 йиллик қамоқ жазоси берилди
01:27 1128 Жаҳон
Саакашвили Украинага қачон қайтишини маълум қилди 
01:15 1699 Жаҳон
Абдулла Арипов: «Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигига халақит берувчи тўсиқлар бартараф этилади»
Роналду 5 ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида: бунинг отини атайлаб қийнаш дейилади!
01:07 1707 Спорт
Давлат ва ОАВ: ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
Шерзод Шерматов: "Келгуси йилда тест жавоблари ўша куниёқ эълон қилиниши мумкин"
Кўпроқ янгиликлар