Microsoft компанияси Финляндияда мобиль бизнес соҳасида фаолият юритаётган ходимларини қисқартириш бўйича якуний қарорга келди. “Талоуссаномат” газетасининг маълум қилишича, бу чора компаниянинг Финляндиядаги 2,3 минг ходимига нисбатан қўлланади

Компаниянинг Сало шаҳридаги бўлинмаси ёпилади. Собиқ мобиль гигант Nokia ўтган йили ўзининг мобиль қурилмалар ишлаб чиқарувчи бизнеси Devices & Services’ни 5,4 млрд долларга АҚШ компаниясига сотиб юборган эди.

Бошқа бўлинмаларда қисқартиришлар ҳақида кейинроқ эълон қилинади.

Режалаштирилишича, Microsoft’нинг Финляндиядаги фаолияти энди Эспоо ва Тамперда мужассамлаштирилади. Шу ерга Сало шаҳридаги бўлинмадан баъзи ишчилар ўтказилади. Бу режалар кейинги йилнинг июнигача амалга оширилади.

Шу билан бир вақтда Miscrosoft компанияси Финляндия ҳукумати билан ишидан айрилган ходимларга ёрдам кўрсатиш дастурини ишга туширади.

Бундан аввал компания дунё бўйлаб 18 минг ходимини қисқартиришни мўлжаллаётганини маълум қилган эди. Айни пайтда компаниянинг дунё бўйлаб барча тузилмаларида 120 мингга яқин одам ишламоқда.