2000 йилда Сиднейда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар орасида илк олимпиада чемпиони бўлган спортчи, ҳозирда Ўзбекистон профессионал бокс федерациясида биринчи вице-президент лавозимида фаолият олиб бораётган Муҳаммодқодир Абдуллаев билан суҳбат уюштирилди.

Мухбир дастлаб, ундан боксга қизиқиш қай тариқ пайдо бўлганини сўраган.
"Очиғини айтсам, ўзим боксга қизиқмаганман. Отам шу спортнинг ашаддий мухлиси. Ёшлигимда менинг боксчи бўлишимни орзу қилганлар. Шу сабаб боксга кириб келганман", деб жавоб беради Абдуллаев.

Ундан Андижон ва Қўқондаги ўзига хос бокс мактаблари ҳақида сўралганида эса, у бу қарашни тасдиқлаб, айни пайтда Бухоро, Хоразм ва Сурхон воҳасида ҳам маҳоратли чармқўлқоп усталари етишиб чиқаётгани, Чирчиқда ҳам бу борада ўсиш кузатилаётгани ҳақида айтади.

Сўнгги Олимпиадада бокс йўналишида фақатгина Аббос Атоев шоҳсупага кўтарилиб, аввалги Олимпиада натижаларига қараганда анча паст кўрсаткич қайд этилганига ўз муносабатини билдирар экан, собиқ боксчи бунга авлодлар алмашинуви сабаб қилиб кўрсатган.

"Баҳодир Султонов ҳамда Ўткир Ҳайдаров каби Олимпиада совриндорларининг ёшлари ўтиб қолгани ва шу каби турли сабаблар боис Лондон Олимпиадасида қатнаша олишмади. Лондонда боксчимиз Жасурбек Латипов мағлуб бўлган пайт ҳакамлар очиқчасига рақибга ён босишди. Буни ҳамма сезганди. Аммо бу билан чекланиб қолганимиз йўқ. Биз ўз устимизда ишлашни давом эттирамиз", дейди у.

"Ҳаммаси ўзларига боғлиқ. Машқ қилишни тўхтатишмаса, доимо ҳаракатда бўлишса, яхши натижага эришишлари мумкин, албатта. Бир неча йил олдин Элшод Расулов вазни жиҳатидан нафақат Ўзбекистонда, балки, жаҳонда ҳам биринчи рақамли боксчи эди. Бироқ, афсуски, “юлдузлик касали”га учраб, ўз мавқеини йўқотди. Бундан ташқари, Ойбек Мамазулунов билан кечган жангларда ҳам мағлубиятга учради. Ана шу мағлубиятидан сўнг у ўзига келди. Бироқ энди унга ёш масаласи анча панд бериб қўяди", дейди Абдуллаев бўлажак Олимпиадада ўзбекистонлик боксчиларнинг имкониятлари ҳақида гапириб.

У ўз ўрнини боса оладиган ёш истеъдодлар сафида Бектемир Мелиқўзиев номини алоҳида қайд этган.

Мухбир собиқ боксчини Олимпиада чемпионлигидан сўнг профессионал боксга ўтиш таассуротлари ҳақида ҳам саволга тутади.

"Профессионал боксда биргина жанг учун камида 2-3 ой тайёрланасиз. Мана шу муддат ичида сизда рақибингизни ўрганиш учун вақт бўлади. Қолаверса, унда ҳам сизни ўрганиш имкони бор. Ҳаваскор боксда эса, аксинча, биргина тайёргарлик орқали барча рақибларни ўрганишингиз керак. Сиз унда турли услубда жанг олиб борадиган боксчилар билан рингга тушасиз. Катта бокс 3 дақиқадан 12 раунд давом этади. Бу эса спортчидан жуда катта куч талаб этади. Ҳаваскор ва профессионал боксда қўлқопларнинг ҳам фарқи бор. Ҳаваскор боксдаги қўлқоплар юмшоқ материалдан тайёрланса, катта боксда бошқача. Беллашув пайти зарбдан рақибнинг қоши ёрилиши каби ҳақиқий жанг бўлаётгани билиниб туриши учун ҳам катта бокснинг қўлқопи анча юпқа бўлади", деб жавоб қилади Муҳаммодқодир Абдуллаев.

У суҳбат сўнгида АИБА баҳсларидан ташқари яқин орада Ўзбекистонда йирик бокс кечалари ўтказиш режалари ҳақида фикр билдирган.

"Ҳозирда мана шу иш устида бош қотиряпмиз. Насиб қилса, 14 ноябрь куни катта бокс кечасини ўтказмоқчимиз. Бундай жанг ҳали юртимизда ўтказилмаган. Сабаби унда “Intercontinental pasiboco WBO” камари учун жанг бўлиб ўтади. Шу кечада бир қатор вакилларимиз рингга чиқишади. Мана шу кечада юртимиздаги бокс мухлислари учун унутилмас жанг бўлади, деган умиддамиз", дейди у.