Қозоғистон ҳукумати ва Миллий банки йиғилишида янги иқтисодий сиёсатга ўтиш даври шароитида тезкор ҳаракатлар режаси тасдиқланди, дея маълум қилинди ҳукумат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Миллий иқтисодиёт вазири Ерболат Досаевнинг хабар беришича, тезкор чоралар режасига мувофиқ, ҳукумат ва Миллий банк иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаб, хусусий инвестицияларни рағбатлантириш, бандлик ва иш ўринларини ташкил этиш, молиявий барқарорликни таъминлаш, Миллий фонд маблағларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, республика бюджети мувозанатини сақлашга эътибор қаратади.

Ҳукумат кўрмоқчи бўлган тезкор тадбирлар режасида ижтимоий аҳамиятга молик маҳсулотлар нархининг кўтарилиб кетмаслиги ва жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитларини тезда компенсациялаш механизмини ишлаб чиқиш ҳам ўрин олган.