Қозоғистонда мактаб ошпазлари шошилинч тарзда янги таомлар ишлаб чиқмоқдалар. Бунга Қозоғистонда янги ўқув йилидан бошлаб барча мактабларда кичик синфлар ўқувчилари учун бепул овқат бериш бекор қилингани сабаб бўлмоқда.

Эндиликда ўқувчилар ўзлари нонушта ва тушлик сотиб оладилар. Тадбиркорларнинг фикрича, бундай чоралар нафақат ота-оналар чўнтагига, балки тадбиркорларнинг чўнтагига ҳам зарар етказади. Ушбу муаммога диетологлар ҳам қўшилди: овқатда тежаш ўқувчиларнинг соғлиғига таъсир қилади. 

Хромтау шаҳрида болалар овқатларида иқтисод қилиш ўтган йилнинг февралидан бошланган эди. Фақатгина кам таъминланган оилалар фарзандларига биринчи, иккинчи таом ва компот бепул тақдим қилинади. Бу давлат ҳисобидан амалга оширилади.      

“Ўтган йили бир ўқувчининг овқатланиши 153 тенгега тушган, бу йилда 175 тенгени ташкил қилмоқда. Таомномада 3 кун гўштли, 4-кунда балиқ, 5-кунда парранда гўштидан тайёрланган таомлар ва яна қўшимча равишда творог ҳам берилади”, деб айтмоқда Актўбе вилояти таълим бошқармаси бўлими бошлиғи.

Озиқ-овқат академиясида болани 300 тенгедан арзонроққа соғлом овқат билан тўйдириш мумкинлигига шубҳа билан қарамоқдалар. Айнан шу қийматга мутахассислар мактаб тушлигининг минимал кўринишини туза олишди. Бу таомномада гўшт, сут-қатиқ маҳсулотлари, сабзавотлар, мевалар, шарбатлар – ривожланаётган организм учун барча зарур озиқалар бор. Бироқ диетологлар ўқувчиларнинг ота-оналари ўз фарзандларига бундай фойдали рационга пул беришларига шубҳа билан қарашмоқда.

Олма-ота ва Остонадаги мактабларда овқатланиш нархи вилоятлар шаҳарларидагидан 2-3 маротаба қимматроқ тушади. Тадбиркорлар 1 сентябрдан нархлар яна ошишиши мумкинлигини айтишмоқда. Тенгенинг эркин сузишга қўйиб юборилиши ўқувчиларнинг овқатланишига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.