«Ўзбекенгилсаноат» Давлат акционерлик компанияси кореялик ҳамкорлар билан биргаликда Тошкентда тўқимачилик технопарки қурилиши лойиҳасини амалга оширишнинг фаол босқичига киришди.

Лойиҳага кўра, ўз лабораториясига эга бўлган илмий-тадқиқот институти билан ушбу технопарк Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ёнида жойлашади.

Қурилиш ишлари келгуси йилнинг январь ойида бошланиши режалаштирилмоқда. Сармоя ҳажми 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги, Корея Технологияларни ривожлантириш институти Корея томонидаги ҳамкорлар ҳисобланади.

Мазкур қурилиш учун гуруҳ тузилган бўлиб, у Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан биргаликда лойиҳалаштириш, дизайн ҳамда ускуна ва жиҳозларни таснифлаш устида иш олиб боради.