Англиянинг Шорхэм авиашоусида фалокатга учраган самолёт учувчиси омон қолган, бироқ унинг аҳволи жуда оғирлиги айтилмоқда. Бу ҳақда Ғарбий Сассекс графлиги полицияси маълум қилди.

“Шорхэм-бай-Си шаҳрида А-27 автотрассаси устига қулаган Hawker Hunter қирувчи самолёти учувчиси омон қолган, бироқ у жуда оғир аҳволда. Фалокат оқибатида 7 киши ҳалок бўлди”, деб айтилмоқда хабарда. Полиция авиафалокат қурбонлари сони ошиши мумкинлигини айтмоқда.

Авиашоуда учувчи самолётда юқори учувчилик маҳорати кўринишларидан бири – “ўлим тугуни”ни бажараётганда уни охиригача етказишга улгурмай, А-27 трассасида йўлда кетаётган машиналар устига қулаган.

Британ ОАВлари учувчи катапульта қилишга уринмаганини ва фалокат пайтида самолёт кабинасида бўлганини таъкидлашмоқда.