АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ногиронлар ҳуқуқларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон 23 Август 2015 1728

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ногиронлар ҳуқуқлари ва АҚШда ногиролар ҳақидаги қонуннинг қабул қилинганининг 25 йиллига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Туркистон-пресс” МАА. 

Тадбирда Ўзбекистон ногиронлар жамияти аъзолари, бир қатор давлат тузилмалари мутахассислари, халқаро ва нотижорат  ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.

“Биз бу ерда Ўзбекистондаги, АҚШдаги ва бутун дунёдаги умид, тенглик ва имкониятларни нишонлашга йиғилдик. Биз америкалик ногиронлар ҳақидаги АҚШ қонуни – имконияти чекланган одамларга тенг ҳуқуқларни кафолатловчи дунёдаги биринчи қонуннинг 25 йиллигини нишонламоқдамиз”, деб айтди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен.

Ногиронлар ҳақидаги АҚШ қонуни 1990 йилда қабул қилинган бўлиб, АҚШда имконияти чекланган одамларга кундалик турмушда бошқа фуқаролар фойдаланадиган ҳуқуқларни кафолатлайди. Қонун алоҳида эҳтиёжга муҳтож одамларнинг ҳуқуқларини ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда улар олдида турган тўсиқларни бартараф этишда катта муваффақиятга сазовор бўлди.

“Ушбу қонунинг қабул қилингунига қадар ногирон одамлар таҳқирлашга учраганлар. Ҳозирда АҚШда барча тротауарлар ногиронлар ҳаракатланиши учун очиқ, иш берувчилар ногиронлик аравачаси баландлигидаги столларни ўрнатадилар ва кўзи ожизлар фойдалана олишлари мумкин бўлган компьютерлар тақдим қиладилар. Автобуслар ногиронлар аравачаси салонга бемалол кира олиши учун кўтаргичларни тушириши мумкин, автомобилларда ногирон ҳайдовчилар ўз машиналарини бошқара олишлари учун махсус мосламалар ўрнатилган”, деб таъкидлаб ўтди Памела Спратлен.  

АҚШ элчиси бу борада эришилаётган ишларда давлат тузилмалари саъй-ҳаракатлари билан бир қаторда алоҳида кўнгиллиларнинг ҳам ҳиссаси борлигини таъкидлаб ўтди.

Имконияти чекланган одамларнинг ҳуқуқлари учун курашувчиларнинг энг катта ютуқларидан бири бу масаланинг жаҳон миқёсига чиққани айтиш мумкин. БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари ҳақидаги Конвенцияси 157 та давлат томонидан қабул қилинган.

Памела Спратлен Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августда қабул қилган “Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини мамнуният билан қаршилади.

“Мен Ўзбекистонда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан бу йўналишда мунтазам иш олиб борилаётганидан, мамлакатда ногиронликка эга одамларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини ҳимоя қилишга катта эътибор берилаётганидан жуда хурсандман”, деб айтди Спратлен хоним.     

Кўпроқ янгиликлар