Минглаб муҳожирлар Македония ва Греция чегарасини бузиб ўтишди

Жаҳон 23 Август 2015 2259

Минглаб ноқонуний муҳожирлар 22 август куни Македония ва Греция ўртасидаги чегарани бузиб ўтишди. Бу ҳақда BBC News хабар берган.

Македония ҳуқуқ-тартибот ходимлари бу ҳолатда ҳаёт учун хавфсиз гранаталар қўллашган, натижада бир неча киши жароҳатланган. Хабар қилинишича, уларнинг соғлигига жиддий хавф йўқ.

22 август куни Македония ҳукумати ўз ҳудудидан 300 нафар муҳожирнинг Сербиягача поезд орқали етиб олишига рухсат берганди.

Охирги кунлар давомида Греция ва Македония чегарасида вазият чигаллашган. Бу ҳудудда Суриядан келган қочқинларнинг беҳисоб оломони тўпланган. Улар Македония орқали Европа Иттифоқи ҳудудига киришга ҳаракат қилишмоқда. Македонияда 20 август куни чегараларни мустаҳкамлаш бўйича қарор қабул қилинган.

"Охирги бир неча кун ичида муҳожирлар сони кескин кўпайди. Уларнинг сафига ҳар куни 3-3,5 минг киши келиб қўшилмоқда. Македония эса 2 млн нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган кичик мамлакат ҳисобланади", деб баёнот берган Македония Ташқи ишлар вазири Никола Попоски.

Маълумот учун, бутун ёз давомида Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги вазият туфайли Европа жанубига, Италия ва Грецияга кўп миқдорда муҳожирлар оқими кузатилмоқда.

Еврокомиссия муҳожирларни мамлакатлар бўйлаб тақсимлашни таклиф қилмоқда. Унга кўра, Франтсия 14,7 фоиз, Германия 18,4 фоиз муҳожирни қабул қилиши кўзда тутилган. Европа Иттифоқидаги барча давлатлар 2 йил давомида 32 минг муҳожирни қабул қилишга розилик билдирган.

Кўпроқ янгиликлар