Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида Германиянинг Broadcast Solutions компанияси мутахассислари иштирокида амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида телевизион кўрсатувларни эфирга HD форматда тайёрлаш ва узатишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Анжуман иштирокчилари интерфаол режимда ҳаракатланувчи телевизион станцияларнинг суратга олиш ва эфирга узатиш қурилмалари ривожланишининг истиқболларини кўриб чиқдилар.

Ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтишга доир давлат дастури тўғрисида”ги қарорида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ҳамда Ўзбекистон МТРК техник ва ижодий ходимларининг билимлари ва касб малакаларини оширишда амалий аҳамиятга эга бўлди.

Broadcast Solutions компанияси медиабошқарув ва йўлдошли алоқа, видео ва аудио тизимларни ўз ичига олувчи замонавий телевизион қурилмалар ишлаб чиқариш бўйича Европада еткачи ўрин эгаллайди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган компаниянинг ҳаракатланувчи телевизион станциялари жаҳоннинг кўплаб телевизион ташкилотлари томонидан самарали равишда ишлатиб келинади.