Амстердам-Париж поездидаги жиноятчини қуролсизлантирган британиялик Крис Норман ҳамда америкалик Спенсер Стоун, Энтони Сэдлер ва Алек Скарлатос Франциянинг олий мукофоти билан тақдирланади.

ВВСнинг хабар беришича, мукофотни сайёҳларга президент Франсуа Олланднинг шахсан ўзи топширади.

АҚШ президенти Барак Обама ҳам йўловчиларга жасурлик ва тезкор муносабат учун ўз миннатдорчилигини билдириб, уларнинг қаҳрамонлиги янада жиддий фожианинг олдини олди, деб айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 21 август куни Франция шимоли-шарқидаги Аррас шаҳри яқинида Амстердамдан Париж шаҳрига кетаётган тезюрар поездда эркак киши содир этган отишма натижасида уч киши жароҳат олган эди. Жиноятчи бир неча дақиқа ичида тўрт нафар йўловчи томонидан қуролсизлантирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларига топширилган.

Франция ички ишлар вазири Бернар Казневнинг айтишича, босқинчи — 26 ёшли марокашлик радикал исломий ҳаракатлар билан алоқада бўлган.