Туркия ва АҚШ ўзаро ҳамкорликда Суриянинг шимолий, Туркияга чегарадош ҳудудларида жойлашиб олган «Ислом давлати» ("ИШИД") жангариларини йўқотиш мақсадида ҳаво ҳужуми бўйича операцияни амалга оширади.

«Техник музокаралар кеча ўз ниҳоясига етди. Биз тез орада бу операцияни бошлаймиз. Бу "ИШИД"ни йўқотишга қаратилган комплекс операция дастури бўлади», — дея таъкидалб ўтди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлу, Reuters ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида.

Шунингдек, унинг фикрича, Сурия ҳудудидаги жангариларни бомбардимон қилиш президент Башар Асад учун ҳам огоҳлик қўнғироғи сифатида янграши керак. Унга ва унинг ҳукумати маъмуриятига Суриядаги катта масштабда давом этаётган урушни тўхтатиш учун бу операция туртки бўлиб хизмат қилиши керак.

Олдинроқ, Пентагон раҳбари Эштон Картер "ИШИД"га қарши курашда Туркия билан ҳамкорлик қилиш зарурияти борлигини маълум қилиб ўтганди.