2015 йилнинг биринчи ярми давомида Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан 723та божхона қоидабузарликлари аниқланиб, қиймати 7 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар берган.

Жумладан, “Хўжадавлат” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан республикамизга кириб келган юк поездини божхона назоратидан ўтказиш чоғида контейнерлардан бирида хусусий тадбиркор К.Фармонов (исм-шарифи ўзгартирилган) номига Бирлашган Араб Амирликларидан юборилган юклар билан юк кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар ўртасида тафовутлар мавжудлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, контейнердаги қиймати 507 млн. сўмдан ортиқ бўлган авто эҳтиёт қисмлари, маиший техника жиҳозлари, уй-рўзғор буюмлари, идиш-товоқлар, косметик ва гигиеник воситалари ва ҳаттоки болалар тагликлари, жами 253 турдаги товар-моддий бойликлар ҳеч қандай ҳужжатларсиз республикамиз ҳудудига олиб кирилиши “кўзланган” эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сирғали туман судининг ҳукмига асосан юқорида кўрсатиб ўтилган қиймати 507 млн. сўмдан ортиқ бўлган товар моддий бойликлари давлат эгалигига ўтказилди. Юк эгасига нисбатан ҳам жазо муқаррарлиги таъминланди.