Буюк Британия ташқи ишлар вазири Филип Хаммонд Британиянинг Эрондаги қайта тикланган элчихонаси деворида “Англияга ўлим” ёзуви борлигини аниқлади, дея хабар бермоқда The Guardian.

Қиролича Елизавета II сурати устидаги форс тилида битилган мазкур жумла 2011 йилда дипломатик ваколатхонага уюштирилган хужум вақтидан қолиб кетган.

Элчихона очилиш маросимида иштирок этган вазир ушбу жумла Эрон ва Британия муносабатларига таъсир қилмаслигини айтиб ўтди. Вазирнинг чиқишидан сўнг Британия мадҳияси янграб, миллий байроғи юқорига кўтарилди.

The Guardian нашрининг хабар беришича, Британиядан Теҳронга XIX асрга оид бинони ўзига хос бўёқлар ёрдамида қайта тиклаш учун мутахассис юборилган.

Элчихона очилганидан сўнг бинони техник қайта тиклаш ишлари давом эттирилади.

Шунингдек, дипломатларнинг мамлакатга барча зарур ускуналарини олиб бора олмаслиги маълум бўлди. Бунга Эрон уларга ўзлари билан олиб кирувчи юк ҳажмини чеклагани сабаб сифатида келтирилди.

Эронда Британия элчихонаси 2015 йил 14 июлдаги Эрон ва “олтилик” давлатлар (БМТ хавфсизлик кенгаши аъзолари ва Германия) ўртасидаги Теҳроннинг ядровий дастури бўйича келишувга биноан қайта очилди.

Элчихонанинг ўзи эса 2011 йилда Лондон Эронга нисбатан санкцияларни жорий этганидан сўнг намойишчилар тўдаси бостириб киргани учун ёпиб қўйилганди. Ўшанда Бирлашган қироллик расмий Теҳронни намойишчиларни қўллаб-қувватлаганликда айблаган эди.