Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг компьютерлаштирилган тизими ишга туширилмоқда. Бу ҳақда “Тошкент оқшоми” газетасида ёзилган.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбари Холматжон Сайдалиевнинг маълум қилишича, чорраҳаларга ўрнатилган видеокамералар светофорнинг тақиқланган ишорасига ҳамда белгиланган тезлик талабига бўйсунмаслик ҳолатларини қайд этиб боради.

Автоматлаштирилган бошқарув тизими қоида бузилган жой, вақт ва транспорт воситасининг давлат рақамини қайд этади. Лекин тизим қоидани бузган ҳайдовчининг шахсини аниқлаш имкониятига эга эмас. Битта транспорт воситасини ишончнома, ижара шартномаси орқали бир неча шахс бошқаргани боис қоидабузарликни айнан ким содир этганини аниқлаш чигаллашиши мумкин.

“Бундан кўринадики, эндиликда транспорт воситасини ишончнома орқали бошқа шахсга бериш унчалик ҳам ишончли ва мақбул йўл ҳисобланмайди”, дейди Ўзбекистоннинг бош йўл ҳаракати нозири Х.Сайдалиев.

Маълум қилинишича, видеокамера қоидабузарликни қайд этган вақтдан 3 кун ичида транспорт воситаси эгаси номига маъмурий баённома юборилади.