Ливия армияси бош қўмондони Халифа Хафтар Туркия, Судан ва Қатарни радикал кучларни қўллаб-қувватлашда айблади. Шунингдек у, Sputnik агентлигининг маълум қилишича, ИШИД жангарилари қамал қилаётган Сирт шаҳридаги вазиятни ўзгартиришга ваъда берди.

“Қуролли жангарилар Туркия, Қатар ва Судандан ёрдам олмоқда. Сиртдаги вазият яқинда Ливия армияси фойдасига ўзгаради”, - деди Хафтар Оммонда ўтказилган матбуот анжумани чоғида.

Қўмондон Иордания пойтахтига келиб, ҳарбий-техник ҳамкорлик борасида шартнома имзолади. У ўз чиқишида Ливия бутун дунё номидан террорчиликка курашаётганини маълум қилди.

Ўтган ҳафта ўтказилган Араб давлатлари лигаси навбатдан ташқари мажлисида иштирокчилар Ливияга ҳарбий ёрдам кўрсатишнинг ягона стратегияси ишлаб чиқилди.