Нақд пулни ололмаётган мижоз Марказий Банк ишонч телефонига қўнғироқ қилиб бир кунда ўз омонатини қайтариб олди

Жамият 24 Август 2015 9139

«Агробанк» АТБ Республика бўлимига нақд пул омонатини қўйган мижоз уни қайтариб олиш учун банкка борганида банк ходимлари нақд пул йўқлиги сабабли омонатни қайтара олмаслигини билдиришган. Бу ҳақда Хушнуд Худойбердиев фейсбукдаги саҳифасида ёзиб қолдирган.

«Банкдагилар шунақа катта гапиришибди-ки, асти қўяверасиз. «Нақд пул йўқ, кимга айтсангиз айтаверинг, энг яқини 1 ҳафталарда қилиб беришимиз мумкин» дейишган. Ҳатто бошқарув раисигача киришган. Фойдаси бўлмаган. Узоқ тортишувлардан кейин омонатнинг фақат 1 миллион сўминигина қайтаришган. Қолганини кейинги ҳафтада келиб оласиз дейишган», деб ёзади Худойбердиев.

«Бунақа вазиятда энг яхши маслаҳат - албатта Марказий банк ишонч телефонига мурожаат қилиш бўлар эди. Марказий банкнинг 200-00-44 рақамидаги ишонч телефонига қўнғироқ қилдик. Масъул ходим билан суҳбатда барчаси батафсил айтилди, улар томонидан сўралган маълумотлар берилди (тўлиқ Ф.И.Ш., уй манзили, боғланиш учун телефон). Бизга Марказий банкнинг масъул ходими 4 иш кунида мурожаат кўриб чиқилиб, жавоб берилишини маълум қилди».

«Орадан 1 кун ўтиб, аниқроғи шанба куни (22 август) «Агробанк»дан телефон бўлган. Бу сафар муомалалар ўзгарган, анча мулойим гаплашишибди. «Илтимос, бугун келиб омонатга қўйган пулингизни олиб кетсангиз, нақд пул келиб қолувди» дейишибди. Гарчи шанба куни расман банк иш куни ҳисобланмаса ҳам, лекин омонат масаласи бўйича масъул шахслар ишга чиқиб, танишимдан пулни олиб кетишни илтимос қилишган. Улар банкка боришганида ходимлар аллақачон, 10 миллион сўмни санаб, тап-тайёр қилиб қўйишган экан. Ҳатто ҳужжатларни ҳам тайёрлаб қўйишган. Пулни олиш 10-15 дақиқа вақтни талаб қилган», деб ёзади мижоз.

«Марказий банкнинг ишонч телефонига гап йўқ! Раҳмат! Сиз ҳам фойдаланиб туринг - 200-00-44», дея ўз постини якунлаган фейсбук фойдаланувчиси.

Кўпроқ янгиликлар