Ўзбекистон ва Буюк Британия трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш ҳақида меморандум имзолашга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Эдгар айтиб ўтди.
Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашга, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига муҳим ҳисса қўшиб келмоқда.

“Икки томонлама ҳамкорлик, айниқса, сиёсий соҳада, самарадор ривожланиб бормоқда. Хусусан, юқори даражадаги бир қатор ташрифлар амалга оширилди. Ушбу учрашувлар чоғида бошқа масалалар қаторида трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш соҳаси ҳам муҳокама қилинди. Одам ва қурол савдоси, гиёҳвандликка қарши кураш борасидаги ҳамкорлик ҳақида меморандум имзоланиши кутилмоқда”, - унинг сўзларини келтиради “Жаҳон” ахборот агентлиги.