Папуа-Янги Гвинеянинг Ғарбий вилоятидаги ташқи дунёдан узилиб қолган Вайдабодоло ва Дамера қишлоқларида ўтказилган махсус амалиёт давомида каннибализм (одамхўрлик) жиноятида айбланган 54 киши ҳибсга олинди.

ТАСС нашрининг хабарига кўра, бу ҳарбий амалиёт 14 август куни ўтказилган ва унда 35 нафар ҳарбий ва полициячилар иштирок этишган.

Ғарбий вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълум қилишича, 2009 йилдан буён Флай дарёсининг иккинчи томонида қонунсизлик ҳукм суриб келади.

"Бу ҳудудда тарқалган диний ақидалар ва қадимдан мерос бўлиб келган анъаналар одамхўрликка рухсат беради. Каннибаллар одамларнинг бошини олишади ва уйларга ўт қўйишади", деб маълум қилган маҳаллий полиция бошлиғи Сильва Сика.

Папуа-Янги Гвинеяда "шаманизм"га эътиқод кучли бўлгани боис каннибализм кенг ёйилган.

2012 йилнинг ёзида каннибаллар жамияти аъзолари Мадангдаги сайловларни бузишга муваффақ бўлишганди. Ўшанда каннибаллар бу билан сайловлар орқали фирибгар шаманлар, тамагирларга қарши қонунлар ишлаб чиқилишига қаршилик кўрсатишган.