Роскомнадзор Википедияни блоклаб қўйиши мумкин

Жаҳон 24 Август 2015 1860

Россия ахборот назорати агентлиги (Роскомнадзор) 24 августдан Википедия интернет-энциклопедиясини блоклаб қўйиши мумкин. “Известия” газетасининг ёзишича, ресурсдан гиёҳванд моддалар тайёрлаш ҳақидаги ахборот олиб ташланмагани учун агентлик шундай қарорга келган.

“Роскомнадзор қарорни аллақачон қабул қилиб бўлган, аммо идора ҳалигача Википедиянинг Россиядаги ваколатхонаси билан масалани радикал чораларсиз ҳал қилишга умид боғламоқда”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ресурс маъмурияти талабни бажармаган тақдирда агентлик қонун доирасида ҳаракат қилишга ва уни ёпиб қўйишга мажбур бўлади.

“Роскомнадзор Википедиянинг жамият учун муҳимлигини тушунади. Идоранинг хатти-ҳаракатларини заифлик ёки вазифасини суиистеъмол қилиш деб тушуниш мумкин, лекин биз ҳозирча интернет-энциклопедия суд қарорини бажаришини кутиб турибмиз. Улар бугун гиёҳванд моддалар ҳақида “академик тилда” ёзишди, эртага эса суицид ҳақида “академик тилда” ёзишади, ундан кейин яна ман қилинган мавзуларга шу услубда қўл уришади”, - деди агентлик вакили.

Ўз навбатида, Википедиянинг Россия бўлинмаси директори Владимир Медейко сайт блокланган тақдирда ҳам россиялик фойдаланувчиларга тўсқинлик қилмаслигини, блокни четлаб ўтишнинг усуллари кўплигини маълум қилди.

Кўпроқ янгиликлар