Россиялик ҳарбийлар Пекиндаги Ғалаба парадини якунлашади

Жаҳон 24 Август 2015 3744

Россиянинг 154-алоҳида комендантлик Преображенск полки ҳарбий хизматчилари 3 сентябрда япон босқинчилари ва фашизмга қарши ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан Пекинда бўладиган Ғалаба ҳарбий парадининг охирида иштирок этадилар. Парадлар ўтказиш анъаналарига кўра параднинг охирида чиқиш энг фахрли ҳисобланади, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

“Парадлар тарихини кўрадиган бўлсак, унда энг фахрлиси парадни ёпиш ҳисобланади. Чунки асосий эътибор айнан охирги ҳарбий бўлинмага қаратилади, улардан кейин эса техника ўта бошлайди. Бугун парадга тайёргарлик пайтида Россиянинг парад бўлинмаси ўтганда хитойликлар уни гулдирос қарсаклар остида олқишлашганда мен бундан мағрурландим. Ҳақиқатан ҳам бу жуда ёқимли”, деб айтди 1-фахрли қоровул сардори, 28 ёшли капитан Дмитрий Бобров.

Парадда учта взводдан иборат Россия ротаси иштирок этади. Катта миқёсдаги парад Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонида 3 сентябрда бўлиб ўтади. Парадда 12 мингга яқин ҳарбий хизматчи ва 500 дона техника иштирок этади. Парадда ўнта давлат, жумладан Россия ва Қозоғистоннинг ҳарбий делегациялари қатнашади.

Қуйида ушбу парадга тайёргарлик жараёнидан лавҳалар келтирилган.

Кўпроқ янгиликлар