Қозоғистоннинг SCAT авиакомпанияси танга курсининг тушиб кетиши туфайли чипталар ва хизматлар нархини 20 фоизга оширди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.

20 август куни Қозоғистон танганинг эркин курсига асосланган монетар сиёсатни амалга оширишга киришди ва валюта коридорини бекор қилди. Бир сутка ичида миллий валюта 26 фоизга тушиб кетиб, 255 танга 1 долларга тенглашди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бошқа имкон бўлмаганини тан олди: танганинг эркин курси мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини тиклайди ва захираларни асрашга ёрдам беради.

“SKAT авиакомпанияси 25 августдан барча халқаро йўналишлардаги тарифларнинг 20 фоизга ошганини маълум қилади. Бу Қозоғистон Республикасининг миллий валютанинг эркин курсига ўтиши билан боғлиқдир. Компания қарори авиацион соҳанинг ўзига хослиги билан боғлиқ, унда даромаднинг асосий қисми рейсларни таъминлаш, техник хизмат кўрсатиш, персонални ўқитиш ва бошқа харажатларни қоплашга кетади, харажатлар АҚШ долларида амалга оширилади”, - дейилади хабарномада.
Компания вакиллари бу чора даромадни ошириш учун амалга оширилмаганини, танга курсининг беқарорлиги туфайли барча зарарни қоплаб бўлмаслигини маълум қилди.