Жанубий Корея томонининг маълум қилишича, КХДР мавжуд 70та сувости кемасининг 50тасини ўз базаларидан чиқарди. Уларнинг ҳозирда жойлашган ўрни номаълум. Бу ҳақда Корея Республикаси армияси вакиллари ўтказган брифинг чоғида маълум қилинди, дея хабар тарқатди Ёнхап агентлиги.

“КХДРнинг 70 фоиз сувости кемалари ўз базаларини тарк этди ва уларнинг жойлашган ўрни номаълум”, дея эълон қилди армия вакили.

Унинг сўзларига кўра, Пхеньяннинг Корея яриморолидаги кескинликни пасайтириш ҳақида музокаралар олиб борилаётган бир вақтда Сеул билан можарода куч ишлатишга асосланган сценарийни амалга ошириш истагида эканини кўриш мумкин.

Шунингдек, Корея Республикаси билан чегарада артиллерия миқдори ҳам икки баробарга ортгани айтиб ўтилди.