Хитойнинг Шаньдун вилоятидаги Линьи шаҳрида истиқомат қилувчи эркак ХХРнинг энг йирик банкларидан бири – Хитой қурилиш банкининг сохта бўлинмасини яратиб, бир ой мобайнида у орқали одамлардан омонат пуллари тўплаб борган. Бу ҳақда РБК нашри хабар бермоқда.
Чжан фамилияли қаллоб ижарага олган хонасини банкка ўхшатиб жиҳозлаган, ишга эса 15 ёшли қизи ва унинг иккита синфдошини “олган”.

Банкка пул қўйган одамлар ўз маблағларини қайтариб олишга ёки улар ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилганида, фирибгарлар турли баҳоналар билан мижозларни чалғитган ва керакли маълумотларни тақдим этмаган ёки пулларни қайтармаган. Турли баҳоналар қўлланилган – гоҳ банк тизими билан алоқа “узилиб” қолган, гоҳ бошлиқсиз ишни ҳал қилиш имкони бўлмаган ва ҳ.к. Лекин мижозлар кўп вақт улардан шубҳаланишмаган.

Ниҳоят, сохта шохобча орқали банкка 40 минг юань (6.2 минг доллар) жойлаштирган аёл қурилиш банкининг ҳақиқий бўлинмасидан пул ечиб олишга ҳаракат қилганида ёлғон фош бўлган. Банк ходимлари дарҳол полицияга хабар беришган.

Чжан телевидениега берган интервьюсида дастлаб ҳақиқий шохобча очишга ҳаракат қилганини, лекин банкдагилар унга рухсат бермаганини таъкидлади. Шунингдек, барча пулларни мижозларга қайтарганини маълум қилди.