Хоразмда энг яхши механизаторлар аниқланди

Ўзбекистон 24 Август 2015 3073

Бугунги кунда Ўзбекистонда фермер хўжаликларини ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш тизимини янада кучайтириш масаласига кенг эътибор қаратилиб, фермер хўжаликлар моддий-техник базасини таъминлаш ва молиялаш бўйича (кредитлаш, солиқ, суғурта ва лизинг муносабатлари) бозор иқтисодиёти тамойилларига тўла жавоб берадиган ишончли тизим ва қатор имтиёз яратиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада замонавий агротехнологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган қатор ислоҳотлар диққатга сазовор ҳисобланади.

Қўшкўпир туманида ЎзЛиДеП Хоразм вилоят Кенгаши, вилоят Фермерлар Кенгаши ҳамда бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 24 йиллик байрамига бағишлаб “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида фермер хўжаликларида хизмат кўрсатаётган механизаторлар ўртасида ташкил этилган “энг яхши механизатор” танловида ҳам айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Танловни ЎзЛиДеП Хоразм вилоят Кенгаши раиси, вилоят Фермерлар Кенгаши раиси Баҳодир Тожиев очиб, барчани энг улуғ, энг азиз байрам билан қутлади, иштирокчиларга омад тилаб бугунги кунда юртимизда фермерлик соҳасига қаратилаётган эътибор ва эришилаётган ютуқлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Тадбир иштирокчиларининг айтишича, ЎзЛиДеПнинг асосий электорати ҳисобланган фермерлар фаолиятини янада яхшилаш, моддий-техник базасини такомиллаштириш, улар олдида турган айрим муаммоларни изчиллик билан бартараф этиш, фермерлар билан бир сафда туриб фермер хўжалигининг ҳақли равишда юраги ҳисобланган-механизаторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига кенг эътибор қаратилиб, бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда.

"Иш фаолиятим давомида бундай танловлар ўтказилганлигини эшитмаган эдим. ЎзЛиДеП ташаббуси билан ташкил этилган мазкур танловда иштирок этиб, касбимиз билан боғлиқ янгиликлардан хабардор бўлдик ҳамда ҳамкасбларимиз билан ўз тажрибаларимизни алмашдик", - дейди “Нормат ота” фермер хўжалиги механизатори Сапарбой Ражабов.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 24 йиллиги байрамини муносиб нишонлаш, Қўшкўпир туманидаги 577 нафар фермер хўжаликларига хизмат кўрсатаётган механизаторлар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириш, ўз меҳнати орқали халқ ўртасида ҳурмат қозонган механизаторларни аниқлаш, ўз касбининг устаси бўлган механизаторларнинг тажрибасидан фойдаланиш ва уларни ишларини намуна сифатида бошқаларга кўрсатиш мақсадида ўтказилган бу танловда иштирок этган механизаторлар 1-шартда ўз маҳоратларини амалий жараёнда намойиш қилган бўлса, 2-шартда тракторларнинг техник ҳолати бўйича саволларга жавоб берди. 3-шартда эса ўз бўш вақтларида қизиқишлари ҳамда оилага бўлган эътиборини сўз орқали ифода қилишди.
Танлов иштирокчиларини тажрибали механизаторлар, соҳа мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боришди. Унинг натижаларига кўра, “Қадам Повар” фермер хўжалиги механизатори Руслан Жуманиязов биринчи ўринни, “Ғозовот” ММТП механизатори Равил Тўраев иккинчи ўринни, “Ўзбекистон” ММТП механизатори Шавкат Аллаёров ҳамда “Ғазовот” ММТП механизатори Шихназар Одомбаев учинчи ўринни эгаллади.
Танлов якунида барча иштирокчи ва ғолибларга ЎзЛиДеП ва Фермерлар кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Кўпроқ янгиликлар