Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечаклар ва пойабзаллар билан таъминлаш ҳамда ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябрига қадар 1876та мактаб ярмаркалари ташкил этилади.

Ярмаркаларнинг 970таси умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилиб, 232таси академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, 398таси аҳоли гавжум бозорларда, 276таси савдо мажмуаларида ташкио этилади. Олис ва бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудларида 98та кўчма автодўконлар хизмат кўрсатади.

Ярмаркаларда савдо ишларини амалдаги солиқ ва банк қонунчилигига тўлиқ риоя қилган ҳолда савдо ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектларида 1876та барча турдаги тўлов терминаллари ўрнатилиши белгиланган.

“Даракчи” газетаси Тошкент шаҳридаги бозорларда сотилаётган ўқув қуролларининг нарх-наволарини эълон қилди. Маълум бўлишича, 12 варақлик дафтар 200, 36 варақлик дафтар минг, 48 варақлик дафтар 1.5 минг, 96 варақлик дафтар 1.8 минг сўм туради. Бундан ташқари, рангли қалам 4-16 минг, ручка 500, фломастер 12 минг, елим 1.5 минг, ўчирғич минг, кундалик дафтар 2-12 минг, қаламдон 5-15 минг, расм альбоми 1.5-5 минг, чизғич 1-3 минг сўм.

Материалда, шунингдек, мактаб сумкалари ва либосларининг нархлари келтирилган. Жумладан, ўғил болалар сумкаси 30-130 минг сўм, қиз болалар сумкаси 25-125 минг сўм атрофида бўлса, 1-4 синфда ўқийдиган ўғил болаларга мўлжалланган мактаб формаси 120-160 минг сўм, 5-9 синф ўқувчилари формаси эса 180-300 минг сўм қилиб белгиланган.