Швециянинг H&M компанияси қайта ишланган кийимлардан иборат янги Close the Loop коллекциясини тақдим этди. Бу ҳақда компания тарқатган матбуот хабарномасидан маълум бўлди.
Коллекциядан жинса матосидан тайёрланган либослар ўрин олди: кўйлаклар, шимлар ва комбинезонлар. Улар 20 фоизга қайта ишланган моддалардан, 80 фоизга пахтадан иборат. Вақт ўтиши билан коллекция янада кенгайтирилиши режалаштирилмоқда.

Компания бош директори Карл-Йохан Перссоннинг таъкидлашича, эскирган кийимдан янгисини яратиш мумкин бўлган ёпиқ текстиль силсиласи нафақат текстиль харажатларини қисқартиради, балки бирламчи ресурсларга бўлган эҳтиёжни камайтиради ҳам.
Эски кийимларни тўплаш бўйича глобал ташаббус 2013 йили бошланган эди.

Харидорлар эски кийимни олиб келиб, бунинг эвазига дўконлардан бонус олишган. Шу давр мобайнида дунё бўйлаб 14 тонна кераксиз кийимлар тўпланди.
Коллекцияни компания дўконларидан 7 сентябрдан бошлаб сотиб олиш мумкин.