Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 сентябрдаги ПФ-4469-сонли Фармонига асосан, 2010 йил 30 мартдаги «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-4210-сонли Фармонига қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2005 йил 28 мартдаги ПФ-3588-сонли Фармони билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ, оилавий корхоналар халқ бадиий ҳунармандчилиги ва қўлда ишланган амалий санъат буюмларини сотишдан олинадиган даромаддан 2017 йилнинг 1 январигача бўлган даврда ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар тарқатмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 26 апрелдаги «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги ЎРҚ-327-сонли Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолияти ҳисобланади.

Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.

Қонуннинг 26-моддасига кўра, оилавий корхона ягона солиқ тўловини тўловчи ҳисобланади. Корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади ҳамда солиқ солинмайди.

Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини реализация қилишдан олинган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинганлиги ҳамда оилавий корхонага кичик тадбиркорлик субектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференсия ва кафолатлар татбиқ этилиши каби бир қатор меъёрлар белгилаб қўйилди.

Ўрни келганда айтиш жоизки, қонунда белгиланган оилавий корхоналарга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, бир қатор қонун ва қонун ости ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Солиқ кодексининг 176 ва 179-моддаларига киритилган ўзгартиришга асосан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин оилавий корхона иштирокчиси ихтиёрида қоладиган фойда суммаси жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркибига киритилади ва жисмоний шахсларнинг даромади сифатида солиққа тортилмайди. Шунингдек, 351-моддасига киритилган ўзгартириш билан оилавий корхоналар солиқ солишнинг бошқа тартибини танлаш ҳуқуқисиз, ягона солиқ тўловини тўловчилари ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 26 апрелдаги «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги ЎРҚ-327-сон қонунининг 28-моддасида оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши кўрсатилган.