21 август куни Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан мустақиллик йилларида соҳада эришилган ютуқларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ахборот-таҳлил бўлими бош мутахассиси Абдужалил Шокировнинг таъкидлашича, бугунги кунда йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланадиган автокорхоналар сони қарийб беш мингтага етган. Таққослаш учун 1990 йилда улар атиги 265тани ташкил этган. Шунингдек, мустақиллик йилларида юк айланмаси ҳажми 5,3 баробар ошди.

Айни пайтда Ўзбекистонда 4344, жумладан, 1013 шаҳар, 2691 шаҳар атрофи ва 640 шаҳарлараро йўловчи ташиш йўналиши фаолият юритмоқда. Аҳолига хизмат кўрсатадиган транспорт воситаларини янгилаш бўйича доимий ишлар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг биринчи ярмида ташувчилар томонидан Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган “Исузу” русумли 175 автобус лизинг асосида ва банк кредитлари эвазига харид қилинди. Бундан ташқари, тижорат мақсадида 247 юк автомобили, 62 микроавтобус ва 322 енгил автомобиль сотиб олинди. Жорий йилнинг биринчи ярмида автотранспорт тармоғига йўналтирилган инвестициялар умумий ҳажми 77,6 миллиард сўмни ташкил қилди.

Ўзбекистон автоташувчилари хорижий давлатлар ҳудудлари бўйлаб ташишларни амалга ошириши, шунингдек, улар учун ҳуқуқий асос яратиш мақсадида Ўзбекистон автомобилда ташишлар соҳасидаги 9 халқаро конвенцияга қўшилди ва иккита халқаро битимни имзолади. Бунинг самарасида 320дан ортиқ ташувчи халқаро ташишларни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тегишли лицензияга эга бўлди.

Агентлик автомобиль транспорти бозорида бозор муносабатлари ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун шароитлар яратиш билан бир қаторда, шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва вилоятлараро йўловчи йўналишларини тақсимлаш бўйича очиқ тендерларни муваффақиятли ўтказмоқда.